Олтин силсила – Ismoil Mukhammad Yusuf

Description

«Олтин Силсила» асарининг электрон нашри.

Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг сўнгги йилларда динимиз, халқимиз, Ватанимиз олдида қилган энг буюк хизматларидан бири «Олтин силсила» академик нашрига бош-қош бўлганларидир. «Набавий ҳадисларнинг олтин силсиласи» деб номланган ушбу улкан илмий лойиҳага Ислом оламида эътироф этилган «Сиҳоҳи ситта» (Олтита саҳиҳ) ҳадис китоблари ҳамда яна уч буюк муҳаддиснинг ҳадислар тўплами киритилган.
«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси ҳақида сўз борганда «Олтин силсила» лойиҳаси, хусусан, унинг биринчи тўплами, буюк ватандошимиз имом Бухорийнинг «Саҳиҳи Бухорий» асари алоҳида таъкидлаб ўтилади. Зеро, нашриётимиз фаолиятидаги муваффақиятларда айнан ушбу муборак асарнинг баракотлари бор бўлиб, матбаамизда биринчи бор чоп этилган асар ҳам айнан шу китоб бўлган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг саъй-ҳаракатлари билан бошланган «Олтин силсила» мажмуасининг чоп этилиши ўзбек халқининг тарихида, буюк алломалар юрти бўлмиш Ватанимизнинг диний, илмий ва маданий ҳаётида, шунингдек, бутун Ислом оламида ҳам муҳим воқеа бўлди.
Эндиликда ушбу асарнинг электрон нашри ҳам тайёрланиб, дунё ахборот уммонига жойлаштирилди. «Олтин силсила» мажмуаси таркибидаги «Саҳиҳи Бухорий» асарининг iOS тизими учун мўлжалланган дастлабки жилди Apple Store интернет-дўконига жойлаштирилди. «Олтин силсила» дастури замонавий мобил жиҳозларга хос бўлган барча қулайликларга эга бўлиб, уни очар экансиз, муборак ҳадиси шарифларнинг асл матни ҳамда ўзбек тилидаги таржимасидан тўлиқ баҳраманд бўласиз. Мундарижа ҳамда хатчўп имкониятлари ҳам ҳадиси шарифлар мутолаасининг янада қулайроқ бўлишига хизмат қилади. «Олтин силсила» мажмуасининг ҳадис илмига оид дастлабки маълумотлар билан таништирувчи муқаддимаси барча фойдаланувчилар учун бепул туҳфа бўлиб, китобнинг бевосита ҳадислардан иборат жилдларигина онлайн тўлов воситалари орқали харид қилинади.
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларини ўқиш, ўрганиш ва уларга амал қилиш бахтини насиб айласин!